2025 йил 24 ноябрь куни Қозоғистоннинг Астана шаҳрида “Илдиз ва оҳанг: туркий мусиқа асбобларини ясаш анъаналари ва замонавий ечимлар” номли Халқаро симпозиум бўлиб ўтди. Тадбир “World Music” Халқаро санъат фестивали доирасида, Астана шаҳар ҳокимлиги ва Туркий маданият ва мерос жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Симпозиумнинг мақсади — туркий халқлар орасидаги мусиқа асбоблари ясаш ан’аналарини чуқур ўрганиш, қадимий технологиялар билан замонавий инновацион ёндашувлар ўртасидаги узвий боғлиқликни аниқлаш, шунингдек, усталар, олимлар, ижрочилар ва тадқиқотчилар ўртасида тажриба алмашиш учун илмий–амалий майдон яратиш эди.
Очилиш маросимида Туркий Маданият ва Мерос Жамғармаси Президенти Акто͞ти Раимқулова сўзга чиқиб, анъана ва замонавият уйғунлиги янги тадқиқотлар, технологик ёндашувлар ва халқаро илмий ҳамкорлик учун кенг имкониятлар яратишини таъкидлади. У симпозиум мазкур йўналишда етакчи мутахассисларни бирлаштирувчи муҳим платформа эканини қайд этди.
Шундан сўнг, Жамғарма Президенти ялпи мажлислар модератори сифатида иштирокчиларга сўз берди. Улар орасида:
— Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати аъзоси, академик Дархан Қидирали;
— Қозоғистон Республикаси Маданият ва Ахборот вазирлиги Маданият қўмитаси раиси Ерлан Дакинов;
— Астана шаҳар ҳокимининг ўринбосари Эсет Байкен;
— Қозоғистон Республикасининг ЮНЕСКО ва ИКЕСКО бўйича Миллий комиссияси Бош котиби Жанар Шайменова;
— “Венгер Мероси Уйи” бош маслахатчиси, Венгрия халқи артисти Акoш Гергели иштирок этди.
Симпозиум доирасида “Умумий Оҳанг: Туркий мусиқа асбобларини тадқиқ қилиш ва халқаро ҳамкорлик” мавзусида давра суҳбати ҳам ўтказилди. Унда туркий халқлар мусиқий меросини ўрганиш, институционал ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир давомида Туркий Маданият ва Мерос Жамғармаси ҳамда Узейир Ҳожибайли номидаги Боку Мусиқа Академияси ҳамкорлигида чоп этилган “Туркий тилли мамлакатларнинг миллий мусиқа асбоблари” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тўрт тилда тайёрланган ушбу нашр туркий мусиқий меросни халқаро миқёсда намойиш этиш ва илмий таснифлаш учун муҳим манба сифатида юқори баҳоланди.
Симпозиум якунида иштирокчилар томонидан туркий халқларнинг мусиқа асбоблари ясаш меросини асраш, ўрганиш ва келажак авлодларга етказишга бағишланган Қўшма Резолюция қабул қилинди. Ҳужжатда мусиқа асбоблари бўйича ягона илмий маълумотлар базасини яратиш, анъанавий устачилик мактабларини тизимли равишда ўрганиш, мусиқа асбоблари ясаш бўйича махсус курсларни таълим дастурларига киритиш, шунингдек, рақамли архивлаш, 3D моделлаштириш ва халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш каби устувор йўналишлар белгилаб қўйилган.
Резолюцияда, шунингдек, туркий мусиқий меросни ЮНЕСКО ва ИКЕСКО доирасида кенг тарғиб этиш бўйича қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш ва ушбу йўналишда ҳамкорликни кучайтириш учун “Туркий мусиқа асбоблари усталари ассоциацияси”ни тузиш имкониятини ўрганиш масаласи назарда тутилган.