Бугун 24 декабрь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Туркий маданият ва мерос жамғармаси президенти халқаро конференцияда иштирок этди

Туркий маданият ва мерос жамғармаси президенти халқаро конференцияда иштирок этди

Туркий маданият ва мерос жамғармаси президенти Актоти Раимкулова хоним Корея Республикасининг Сеул шаҳрида бўлиб ўтган “Чегаралараро мерос ва ASEAN умумий маданий мероси: қадриятлар ва минтақавий ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этди.

Мазкур тадбир Корея Республикасининг Миллий мерос хизмати томонидан UNESCO ҳузуридаги Осиё–Тинч океани минтақасида номоддий маданий мерос бўйича Халқаро ахборот ва тармоқ маркази (ICHCAP) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Конференция доирасида Жамғармаси Президенти Актоти Раимкулова “Туркий маданий маконда умумий маданий мерос бўйича минтақавий ҳамкорлик: Туркий умумий мерос каталоги” мавзусида маъруза билан чиқди. У ўз нутқида маданий меросни асраш ва тарғиб этишда халқаро ҳамкорликнинг тобора ортиб бораётган аҳамиятини таъкидлади. Шунингдек, Жамғарманинг туркий дунёга хос умумий маданий қадриятларни тизимли равишда ҳужжатлаштириш, уларни келажак авлодларга етказиш ва халқаро майдонларда тарғиб қилишга қаратилган фаолияти ҳақида сўз юритди.

Сеулда бўлиб ўтган конференция доирасида Туркий Маданият ва Мерос Жамғармаси томонидан “Туркий дунёнинг маданий коди” номли Туркий маданий мероснинг биринчи кўп тилли каталоги тақдим этилди. Ушбу каталог “Туркий дунё – 2040” стратегик ҳужжати ва TURKTIME дастурига мувофиқ ишлаб чиқилгани қайд этилди. Таъкидланишича, каталог илк бор 2025-йил 4-ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган UNESCO Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида халқаро ҳамжамиятга тақдим этилган бўлиб, Корея Республикасидаги тақдимот лойиҳа учун халқаро тарғиботнинг муҳим босқичи ҳисобланади.

Мазкур лойиҳа туркий мероснинг ягона умумий рўйхатини шакллантириш ҳамда TurkicHeritage рақамли платформасини яратиш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Конференция иштирокчилари — жумладан, ASEAN мамлакатлари вакиллари, халқаро ташкилотлар, илмий доиралар ва давлат муассасалари — Жамғарманинг фаолияти ва тақдим этилган концепцияни юқори баҳоладилар ҳамда унга катта қизиқиш билдирдилар. Айниқса, Жамғарманинг маданиятлараро мулоқот, ўзаро тушуниш ва халқлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссасига алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур форумда Жамғарманинг иштироки Туркий Маданият ва Мерос Жамғармаси нафақат Европа билан, балки Осиё, Тинч океани минтақаси ва умуман глобал ҳамжамият билан ҳам халқаро алоқаларини кенгайтираётганини яққол намоён этди. Бу эса туркий дунёнинг бой маданий меросини жаҳон миқёсида намойиш этиш учун янги имкониятлар очмоқда.

Киритилди: Бугун 12:12. Ўқилди: 189 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!