2026 йил 13 апрель куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида “Ижодий иқтисодиёт учун рақамли архитектура, қурилиш ва сунъий интеллект” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади. Мазкур тадбир Қозоғистон Архитектура ва Қурилиш Етакчи Академияси (KazGASA) ҳамда Халқаро Трансмиллий Таълим Ассоциацияси (ITEA) ҳамкорлигида ташкил этилди. Таъкидлаш жоизки, ушбу конференция KazGASA ташкил этилганининг 45 йиллигига бағишланган юбилей тадбирларига расмий старт берди.
Расмий очилиш маросимида Туркий маданият ва мерос жамғармаси Президенти, профессор Актоти Раймкулова фахрий меҳмон сифатида иштирок этиб, нутқ сўзлади. У ўз сўзининг аввалида Қозоғистонда архитектура ва қурилиш соҳасидаги етакчи олий таълим муассасаларидан бири бўлган KazGASA жамоасини 45 йиллик юбилей билан табриклади.
Профессор Актоти Раймкулова ўз нутқида 2025 йилда Жамғарма кўмагида Академия қошида ташкил этилган Туркий маданият ва мерос маркази фаолиятига алоҳида эътибор қаратди. Таъкидланишича, мазкур марказ туркий дунёнинг умумий маънавий қадриятларини ўрганиш, тарихий хотирани асраш ва уни келажак авлодларга етказишда муҳим илмий-маданий платформа вазифасини ўтаб келмоқда.
KazGASA билан ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритар экан, Жамғарма Президенти мавжуд ҳамкорлик фақат амалдаги лойиҳалар билан чекланиб қолмаслигини, балки келгусида қўшма илмий ва таълим ташаббуслари янада кенгайтирилишини алоҳида таъкидлади.
Конференциянинг асосий мақсади рақамли трансформация, қурилишда сунъий интеллект технологияларини қўллаш, Building Information Modeling (BIM) тизими ҳамда “ақлли шаҳар” концепцияси йўналишларида халқаро тажриба алмашинувини таъминлашдан иборат.
Икки кун давом этадиган мазкур тадбирда Озарбайжон, Туркия, Испания, Япония ва Буюк Британиядан келган етук олимлар ва мутахассислар ўз маърузалари билан иштирок этмоқда.
Шунингдек, конференция доирасида архитектура меросини рақамли сақлаш, экологик барқарор дизайн ёндашувлари ҳамда ижодий индустриялар учун янги авлод мутахассисларини тайёрлаш масалалари юзасидан кенг муҳокамалар олиб борилмоқда.