Бокуда “Умумий келажак учун мулоқот” мавзусида ўтказилаётган 7-Жаҳон маданиятлараро мулоқот форумининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев нутқ сўзлади.
Президент Илҳом Алиев ўз нутқида сўнгги 15 йил давомида форум маданиятлараро мулоқот ва глобал масалаларни муҳокама қилиш учун муҳим халқаро майдонга айланганини таъкидлади. Шунингдек, у халқаро ҳамкорлар, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Сivilizatsiyalar alyansi томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлашни юксак баҳолади.
Форум доирасида Туркий маданият ва мерос жамғармаси президенти, профессор Актоти Раимкулова Халқаро ташкилотларнинг 3-юқори даражадаги учрашуви ҳамда Боку жараёни доирасидаги 6-вазирлар учрашувининг қўшма махсус сессиясида нутқ сўзлади.
Профессор Актоти Раимкулова ўз нутқида туркий дунёнинг муштарак маданий меросини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этиш муҳимлигини таъкидлаб, бу борада рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг ўрнига алоҳида эътибор қаратди.
Жамғарма президенти ташкилот томонидан маданий меросни рақамлаштириш йўналишида амалга оширилаётган ташаббус ва лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берди. Хусусан, жамғармага аъзо давлатлар мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилаётган “TurkicHeritage” рақамли платформаси алоҳида тақдим этилди.
Профессор Актоти Раимкулова маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришга доимий эътибор ва қўллаб-қувватлаш кўрсатиб келаётгани учун Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевга, шунингдек, форумнинг юқори савияда ташкил этилгани ва халқаро маданий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун Озарбайжон Республикаси Маданият вазирлигига миннатдорлик билдирди.
Форумда Озарбайжон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари, турли мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат амалдорлари, парламент аъзолари, сиёсатчилар, диний етакчилар, илмий ва академик ҳамжамият вакиллари, маданият намояндалари, халқаро нодавлат ташкилотлар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, экспертлар, тадқиқотчилар, шунингдек, ёшлар ва хусусий сектор вакилларини ўз ичига олган 100 дан ортиқ мамлакатдан 500 нафардан зиёд иштирокчи қатнашмоқда.