Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев дунёнинг йирик давлатлари ўртасида ўзаро ишонч чуқур инқирозга юз тутаётганини маълум қилди.
Тўқаев бу ҳақда Қозоғистон халқига йўллаган йиллик мурожаатида таъкидлаган.
Унинг сўзларига кўра, дунёда давлатлар ўртасида ўзаро айбловлар ва яширин қарама-қаршилик кучаймоқда, халқаро ҳуқуқнинг аҳамияти пасаймоқда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг нуфузи эса инқирозни бошдан кечирмоқда.
«Бутун инсоният силсилалар ва беқарорлик даврида яшаётганини айтиш муболаға бўлмайди. Ҳатто Совуқ уруш даврида ҳам бу қадар мураккаб ва олдиндан айтиб бўлмайдиган вазият кузатилмаган», — деди Тўқаев.
Президент, шунингдек, Қозоғистон мустақиллиги ва суверенитетини ҳимоя қилиш билан боғлиқ вазифалар ҳали тўлиқ ҳал этилмаганини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, мамлакат олдида турган вазифаларни бажариш учун жамият бирлиги зарур. Бундай бирликсиз ислоҳотларни амалга ошириш ва тараққиётга эришиш мумкин эмас.