Доналд Трамп оиласининг компанияси, The Trump Organization, янги мобил хизмат — Trump Mobile’ни эълон қилди. У АҚШдаги учта асосий оператор билан ишлайди ва 5G ҳамда бошқа мобил алоқа хизматларини таклиф этади.
Асосий тариф — The 47 Plan, ойига 47,45 доллар туради ва чексиз қўнғироқлар ва хабарлар, 100 дан ортиқ давлатларга бепул халқаро қўнғироқлар ҳамда Drive America орқали йўл ёрдамини ўз ичига олади. Liberty Mobile базасида ишлайдиган хизмат T-Mobile тармоғидан фойдаланиб, қулайлик ва ишончлиликни ваъда қилмоқда.
Бундан ташқари, Trump Mobile сайтида АҚШда ишлаб чиқарилган “олтин” Android смартфони T1 Phone тақдим этилди. Қурилмада учта камера (асосий 50 MP, иккитаси 2 MP), олдинги камера 16 MP, 6,8 дюйм AMOLED экран ва 5000 мА·соат сиғимли тез қувватланадиган батарея мавжуд. Смартфон 12 GB оператив хотира ва 256 GB ички хотирага эга. Қурилманинг нархи 499 доллар.
Лойиҳани АҚШ президенти ўғиллари Эрик ва Доналд Трамп jr. бошқаради. Эслатиб ўтамиз, The Trump Organization илгари Доналд Трамп кундалик бизнес бошқарувида иштирок этмаслигини маълум қилган эди.