Трампнинг ҳудудий даъволари АҚШни энди “барқарорлик таянчи” эмас, балки “ҳимояланиш керак бўлган хавф” сифатида қабул қилишга олиб келмоқда
"Мюнхен хавфсизлик конференцияси ташкилотчилари томонидан АҚШ президенти Доналд Трампнинг Канада, Гренландия ва Панама канали бўйича даъволари муносабати билан тайёрланган ҳисоботида шундай фикр қайд этилган", дея хабар беради Тhe Guardian.
"Сўнгги ўн йилликлар давомида Қўшма Штатлар томонидан таъминлаб келинган глобал етакчилик бўлмаса, халқаро ҳамжамият умумжаҳон манфаатларини таъминлаши ёки инсоният дуч келаётган кўплаб жиддий таҳдидларга қарши курашиши қийин бўлади", дейилади ҳужжатда.
Ҳисоботда қайд этилишича, келажакда кўпроқ давлатлар таъсир учун кураш олиб боради. Бу эса “дунё анча тартибсиз бўлиши” ва “универсал қоидалар, тамойиллар ва ҳамкорлик моделларидан деярли ҳеч нарса қолмаслиги” мумкинлигини англатади.
"Либерал тартиб фақат Ғарбда сақланиб қолиши мумкин. Шу билан бирга, турли янги тартибларнинг тинч-тотув яшаши эҳтимолдан йироқ. Чунки асосий куч марказлари ҳеч бўлмаганда баъзи қоидалар, тамойиллар ва ҳамкорлик тузилмалари бўйича келишиб олиши мураккаб жараёндир", дея хулоса қилинади Мюнхен конференцияси ташкилотчилари ҳисоботида.