АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп Украина раҳбари Владимир Зеленский ва Франция раҳбари Эмманюэль Макрон билан учрашувда зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва музокаралар олиб боришни хоҳлашини тасдиқлади. Бу ҳақда Reuters нашри учрашув ҳақида маълумот олган беш кишига таяниб хабар берди.
Номлари ошкор этилмаган суҳбатдошларнинг сўзларига кўра, учрашув 35 дақиқа давом этган. Суҳбатдошлардан бири Трамп ўзини "дўстона, ҳурматли ва очиқ" тутганини ва "тинглов режимида" бўлганини таъкидлади.
Президент Зеленский офисидаги суҳбатдошнинг сўзларига кўра, учрашувда баъзи муҳим жиҳатлар муҳокама қилинди. Хусусан, гап кафолатлар ҳақида борди, чунки ўт очишни тўхтатишнинг ўзи етарли эмас ва Россия президенти Владимир Путин уни бузиши мумкин.
Номлари ошкор этилмаган бир қанча амалдорларнинг таъкидлашича, Трамп учрашувлар пайтида асосий эътиборини шахсий муносабатларни ўрнатишга қаратган.