АҚШ президенти Доналд Трамп Илон Маскнинг давлат хизматидан кетиши муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Россиянинг Украина шаҳарларига уюштирган ҳужумларидан ҳафсаласи пир бўлганини яна бир бор билдирди.
"Мен шаҳарлар, масалан, Киев ракеталар билан ҳужумга учраганида жуда ҳайратда қолдим, айниқса, музокаралар якунланишга яқин деб ҳисоблаганимда бу ёмон ҳаракат бўлди. Биз бу муаммони ҳал қилмоқчи эдик, аммо кутилмаганда ракеталар бир неча шаҳарга тушди ва одамлар ҳалок бўлди. Шунинг учун менинг бундан ҳафсалам пир бўлди", — деди Трамп.
Бироқ АҚШ президенти журналистнинг "Сиз Путинни яхши одам деб ҳисоблайсизми ёки ёмон одам?", деган саволига бевосита жавоб бермади.
Ундан "Сизнинг маъмуриятингиз ўта қайсар Владимир Путин билан қандай курашмоқда?", деб сўралганида эса, Трамп Украина президенти Владимир Зеленский номини тилга олиб, "у ҳам қайсар", дея жавоб берди.