Пекинда Хитой ва АҚШ етакчилари иштирокида зиёфат бўлиб ўтди. Унда Илон Маск, Тим Кук, Пит Ҳегсет ва Марко Рубио ҳам иштирок этди.
Си Жинпин Доналд Трампнинг Пекинга ташрифини “тарихий воқеа” деб атади ва Хитой ҳамда АҚШ бир-бирига муваффақиятга эришишда ёрдам бериши ҳамда бутун дунё фаровонлигига ҳисса қўшиши мумкинлигини таъкидлади.
"Биз муносабатларимиз самарали бўлишини ва ҳеч қачон бузилмаслигини таъминлашимиз керак. Давлатларимиз рақиб эмас, балки ҳамкор бўлиши лозим. Хитой миллатининг буюк тараққиёти ва Қўшма Штатларнинг қайта тикланиши ёнма-ён давом этиши мумкин", — деди ХХР етакчиси.
Трамп эса АҚШ ва Хитой халқлари кўплаб умумий жиҳатларга эга эканини, хусусан, хитойликлар баскетболни яхши кўришини ва кўк жинси шим кийишини, Қўшма Штатларда эса Хитой ресторанлари сони мамлакатдаги энг йирик бешта тезкор овқатланиш тармоқлари йиғиндисидан ҳам кўплигини айтди.
АҚШ президенти, шунингдек, Хитой раҳбарига “бошқа ҳеч бир жойда бўлмаган улуғвор қабул” учун миннатдорлик билдирди.