АҚШ президенти Дональд Трамп россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган учрашувнинг аниқ вақти ҳали аниқланмаганини, бироқ у "узоқ бўлмаган келажакда" бўлиб ўтишини тахмин қилмоқда.
Бу ҳақда Америка раҳбари Оқ уйда журналистлар билан суҳбат чоғида айтиб ўтди.
"Биз Саудия Арабистонида илк бор учрашамиз. Келинг, буни қандай қилишимизни кўрамиз", - деди у.
Reuters аввалроқ Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд учрашувни ташкиллаштиришда иштирок этгани ҳақида хабар берган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Федерацияси ва АҚШ етакчилари телефон орқали мулоқот ўтказган ва унда Украина келишуви, маҳбусларни алмашиш бўйича келишувлар, Москва ва Вашингтон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик, Яқин Шарқдаги вазият, Эрон ядровий дастури муҳокама қилинган эди.