Ағдарилган Сурия президенти Башар Асаднинг ўғли Ҳофиз Асад Телеграмда видео жойлади ва унда кўрсатилган ижтимоий тармоқдаги саҳифа ҳақиқатан ҳам ўзига тегишли эканини тасдиқлади.
Ҳофиз Асад ўзини Москванинг кўчаларидан бирида тасвирга туширди ва бошқа ижтимоий тармоқларда саҳифаси йўқлигини таъкидлади, деб хабар бермоқда NEWSru.co.il.
Яқинда ушбу саҳифада инглиз ва араб тилларида пост эълон қилинди, унда Асаднинг ўғли оиласининг Москвага қочиш ҳолатлари ҳақида сўз юритди. У қочиш режасиз бўлганини айтди. Ҳеч ким Дамашқни тарк этишни ўйламаганди, бироқ кечаси Асаднинг олдига Россиянинг юқори мартабали вакили келиб, ундан бир неча кунга Латакияга кўчиб ўтишни сўради - гўёки пойтахт хавфли, ҳарбий ҳаракатларни эса денгиз бўйидаги шаҳардан туриб ҳам бошқарса бўлади, деб.
Тун яримидан ўтиб, соат учда аэропортга етиб келганида, улар Асадлар хонадонининг бошқа аъзоларини, жумладан, президентнинг укаси Моҳир Асадни кўрди. Россия самолётида Хмеймим авиабазасига ўтишди. Бу ерда ҳукумат қўшинлари ўз позицияларини тарк этаётгани ҳақидаги маълумотни олишди. Ҳофиз Асаднинг айтишича, айни шу пайтда мухолифат Россия назоратидаги базани камикадзе дронлар билан ўққа тута бошладилар. 8 декабрь куни кундузи Россия қўмондонлиги вакиллари базанинг қўлга олиниши хавфи бевосита мавжудлигини маълум қилди. Россия томони билан маслаҳатлашгач, Москвага учиш тўғрисида қарор қабул қилинди.