Исроиль Бош вазири Биньямин Нетаньяху Кнессетга сайловлар олдидан Эронга қарши янги ҳарбий зарба беришни талаб қилган. Бироқ АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШ Конгрессига сайловлар олдидан таваккал қилишни истамай, бу таклифга қарши чиқди. Бу ҳақда биринчи бўлиб Wall Street Journal (WSJ) нашри хабар тарқатди.
WSJ нашрининг маълумотидан сўнг, Исроиль хавфсизлик хизмати вакили АҚШнинг CNN телеканалига қуйидагича баёнот берди:
«Нетаньяху ҳақиқатан ҳам буни хоҳлаган ва сайлов олдидан Эронга биргаликда ҳужум қилиш учун Трампни кўндиришга уринган, аммо Трамп бунга яшил чироқ ёқмади».
Эвазига Вашингтон Исроильни кутишга чақирган: АҚШ армияси Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар вариантларини тайёрлаб қўйган ва Трампнинг буйруғи билан бир неча кун ичида амалиётни бошлаши мумкин.
Америка ОАВларининг, жумладан CNN телеканалининг хабар беришича, Нетаньяхунинг режалари ўз ҳарбий раҳбарияти томонидан ҳам қаршиликка учраган: Бош штаб бошлиғи Эяль Замир сайлов олдидан ҳарбий ҳаракатлар ўтказишдан огоҳлантирган. Channel 12 маълумотларига кўра, бу келишмовчилик сабабли Нетаньяху ва унинг бош қўмондони ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашган. Агар Нетаньяху сайловдан сўнг қайта ҳукумат тузса, Замир ўз лавозимини йўқотиши ёки муддатидан аввал истеъфога чиқиши мумкин.
Нетаньяху канцеларияси ушбу хабарларни қатъиян рад этиб, уларни «сохта» (фейк) деб атади. Мудофаа вазири Исраэль Кац ҳам бу хабарларни инкор этиб, Исроиль сайлов олдидан Эронга зарба бериш ниятида бўлмаганини билдирди.
Исроиль армияси (ИДФ) эса Нетаньяху ва Замир ўртасидаги низо ҳақидаги хабарларга бевосита раддия беришдан ёки бошқа изоҳлардан тийилди.