АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп якшанба куни NBS телеканалига берган интервьюсида, агар иттифоқчилар «тўловни тўламаса», НАТОдан чиқиш ҳақида «мутлақо» ўйлаб кўришини айтди.
«Улар тўловларни тўлашлари керак», деди у ва агар унинг аъзолари «бизга адолатли муносабатда бўлмасалар» альянсдан чиқиш ҳақида «мутлақо» ўйлашини айтди.
2017 йилнинг май ойида, биринчи президентлик даврида Трамп НАТО саммитида иттифоқчиларни мудофаа харажатлари етарли эмаслиги учун кескин танқид қилган эди. Унинг таъкидлашича, кўплаб иттифоқ мамлакатлари ялпи ички маҳсулотнинг камида 2 фоизини мудофаа учун сарфлаш мажбуриятини бажармаяпти ва бу «АҚШ солиқ тўловчиларига нисбатан адолатсизлик» эканлигини айтди.
Охирги 7 йил ичида Европа давлатларида мудофаа харажатлари сезиларли даражада ошди, айниқса Россия ва Украина ўртасида кенг кўламли уруш бошланганидан кейин. 2024 йил ҳолатига кўра, НАТОнинг 21 та давлати ялпи ички маҳсулотнинг мудофаа харажатлари бўйича 2 фоизлик кўрсаткичига эришди ёки ундан ошиб кетди. Полша 4,12% билан етакчилик қилди, Эстония (3,43%) ва Латвия (3,15%). Литва ва Греция ҳам кучли бешликдан жой олди, Европанинг йирик давлатлари Германия ва Франция эса альянснинг молиялаштириш мақсадини мос равишда 2,12% ва 2,08% билан бироз ошиб кетди.