АҚШ президентининг маълум қилишича, Исроил ва Ливан ўртасида 10 кунлик ўт очишни тўхтатиш режими 17 апрелга ўтар кечаси кучга киради.
"Мен ҳозиргина Ливаннинг муҳтарам президенти Жозеф Аун ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан самарали суҳбатлар ўтказдим. Икки етакчи ўз мамлакатлари ўртасида тинчликка эришиш мақсадида 10 кунлик сулҳни расман эълон қилишга келишиб олдилар", — деди Трамп.
8 апрелга ўтар кечаси АҚШ ва Эрон ўт очишни тўхтатишга келишиб олганликларини эълон қилишган эди. Шу билан бирга, Исроил эронпараст “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи жойлашган Ливанга зарба беришда давом этди. АҚШ расмийлари ўт очишни тўхтатиш режими Ливанга тааллуқли эмаслигини таъкидлашган эди.
Исроил Ливан билан эмас, балки Ливан ҳудудидаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига қарши курашаётганини айтиб ўтган.
Ливан Исроил давлатини расман тан олмайди. Исроил ва Ливан 1948 йилда Исроил давлати ташкил топганидан бери расман уруш ҳолатида қолмоқда.