АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, шунингдек, “Ҳизбуллоҳ” вакиллари билан музокаралар ўтказгани ва томонларни вазиятни юмшатиш зарурлигига кўндирганини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, Исроил бош вазири Байрутнинг жанубий қисмига қўшин юбормасликка рози бўлган, “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи эса ҳужумларни тўхтатишга ваъда берган.
"Мен Исроил бош вазири Биби Нетаняҳу билан жуда самарали мулоқот ўтказдим: қўшинлар Байрутга кирмайди, йўлга чиққанлари эса ортига қайтарилди. Бундан ташқари, юқори мартабали вакиллар орқали “Ҳизбуллоҳ” билан ҳам жуда конструктив суҳбат ўтказдим ва улар барча жанговар ҳаракатлар тўхтатилишига рози бўлишди. Исроил уларга ҳужум қилмайди, улар ҳам Исроилга ҳужум қилмайди", — деб ёзди у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида.
Бошқа бир постида Трамп Эрон билан музокаралар жадаллик билан давом этаётганини маълум қилди.
Аввалроқ Эроннинг Tasnim ахборот агентлиги Теҳрон Исроил томонидан Ливанга қилинаётган ҳужумлар туфайли воситачилар орқали АҚШ билан бўлган барча алоқаларни тўхтататиши ҳақида хабар берган эди.