Яқин икки ой давомида нисбатан тинчлик ҳукм сурган Яқин Шарқда вазият яна кескинлашди. Эрон яқинда Баҳрайндаги АҚШ ҳарбий базасига дронлар билан зарба берди, Вашингтон эса минтақадаги ҳарбий ҳозирлигини кучайтириб, учинчи авианосецни ҳам юборди. Теҳрон ўз навбатида олдиндан зарба бериш билан таҳдид қилмоқда.
BILD нашри ёзишича, ўтган ҳафта уруш «деярли якунланганини» айтган АҚШ президенти Дональд Трампнинг кейинги ҳаракатлари бўйича учта асосий сценарий мавжуд.
Биринчи сценарий — Эронга қарши ҳарбий зарбаларни қайта бошлаш. The New York Times маълумотларига кўра, АҚШ ва Исроил Эроннинг энергетика инфратузилмаси ҳамда иқтисодий объектларига янги ҳужумлар уюштириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Axios нашри хабар беришича, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам зарбаларни қайта тиклашни талаб қилмоқда.
Иккинчи сценарий — дипломатик босимни кучайтириш. Трамп 19 ноябрь, пайшанба куни Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида Си Цзиньпин ва Владимир Путин билан учрашиши кутилмоқда. Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, АҚШ президенти улар билан Эронга қарши уруш масаласини муҳокама қилмоқчи. АҚШнинг минтақадаги ҳарбий ҳозирлиги Хитойга босим ўтказиш воситасига айланиши мумкин. Чунки Хитой Эрон нефтининг энг йирик харидори ҳисобланади.
Учинчи сценарий — денгиз блокадасини давом эттириш. АҚШ давлат котиби Марко Рубио фикрича, Теҳронга нисбатан иқтисодий босим шунчалик кучайганки, янги ҳарбий зарбалар бериш шарт эмас. Шу билан бирга, дипломатик келишув имконияти ҳам сақланиб қолмоқда.
Нашр маълумотларига кўра, 17 ноябрь куни Эрон ташқи ишлар вазири Вашингтон ва Теҳрон ўртасида воситачилик қилаётган Уммонга ташриф буюради. Бу сафар дипломатик музокараларни қайта жонлантириш имконияти сифатида баҳоланмоқда.