Трамп бу ҳақда Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Форс кўрфази давлатлари раҳбарлари билан учрашувда айтди.
АҚШ махсус вакили Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер Қатар ҳамда Покистон воситачилигида Эрон томони билан музокаралар ўтказган. Эрон томонидан учрашувда ташқи ишлар вазири Аббос Арақчий иштирок этган.
Трампнинг айтишича, учрашув қарийб уч соат давом этган ва «жуда фойдали» бўлган. Яқин орада янги музокаралар ўтказилиши кутилмоқда.
Трамп АҚШ Эронда ядровий қурол пайдо бўлишига йўл қўймаслигини яна бир бор таъкидлади. Шу билан бирга, у келишув Теҳрон учун ҳам манфаатли бўлишини айтди ва музокаралар муваффақиятсиз якунланган тақдирда оқибатлар бўлишидан огоҳлантирди.
Эрон давлат телерадиокомпанияси хабар беришича, Теҳрон Уиткофф билан учрашувга рози бўлган. Музокараларда Ҳурмуз бўғози орқали кемалар ҳаракатини тиклаш шартлари муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Эрон томонининг шартлари орасида денгиз блокадасини бекор қилиш, Эрон активларини музлатишдан чиқариш ва «қаршиликнинг барча фронтларида» урушни тўхтатиш талаблари бор.