АҚШ президенти Дональд Трамп Уммон султони Ҳайсам бин Тарек Ал Саид билан телефон орқали мулоқотда Эрон билан мулоқотга тайёрлигини билдирди.
Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт журналистлар учун ўтказилган навбатдаги брифингда маълум қилди.
"Албатта, Эронга қарши максимал босим кампанияси давом этмоқда, бироқ сиз билганингиздек, президент Эрон билан мулоқот ва маслаҳатлашувни кўришни исташини очиқ айтди, шу билан бирга Эрон ҳеч қачон ядро қуролига эга бўла олмаслигини аниқ айтди. Президент бугун музокараларни осонлаштиришга ёрдам берган Уммон султони билан гаплашди", деди у.
Кэролайн Ливиттнинг сўзларига кўра, икки етакчи АҚШнинг ҳусийларга қарши давом этаётган ҳарбий амалиётларини ҳам муҳокама қилган ва Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумларини тўхтатмагунча, оғир нарх тўлашларини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 12 апрель куни Уммонда Теҳрон ва Вашингтон вакиллари ўртасида Эрон ядро дастури атрофидаги вазиятни тартибга солиш бўйича музокаралар бўлиб ўтган эди. Эрон делегациясига ташқи ишлар вазири Аббос Арагчи, АҚШ делегациясига Витткофф бошчилик қилди. Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, учрашув конструктив ва осойишта руҳда ўтган ва томонлар маслаҳатлашувларни давом эттиришга келишиб олган. Музокараларнинг иккинчи раунди 19 апрель куни бўлиб ўтади.