2026 йил бошида АҚШнинг Украинани қурол-яроғ билан таъминлаш бўйича ўртача ойлик харажатлари Жо Байден президентлиги давридагига нисбатан қарийб беш баравар камайди. Буни РИА Новости АҚШ Конгресси учун тайёрланган ҳисобот маълумотлари асосида ҳисоблаб чиқди.
2022 йил мартдан 2024 йил декабргача Вашингтон Киевга қарийб 43,4 млрд долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатган. Шундан 32,25 млрд доллари Пентагон захираларидаги тайёр қурол-яроғ ва техника ҳиссасига тўғри келган, яна 11,15 млрд доллар USAI дастури бўйича мудофаа корхоналарига тўланган.
34 ой давомида ҳарбий таъминотнинг ўртача ойлик қиймати қарийб 1,28 млрд долларни ташкил этган.
USAI — Ukraine Security Assistance Initiative, яъни Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси.
Пентагон захираларидан ёрдам берилганда, омборларда мавжуд қурол-яроғ Украинага нисбатан тез етказиб берилиши мумкин. USAI доирасида эса АҚШ Мудофаа вазирлиги қуролни ўз захирасидан олмайди, балки уни Америка мудофаа компанияларига буюртма қилади. Шу сабабли шартнома тузиш, қуролни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бир неча ой ёки йил давом этиши мумкин.