Трамп АҚШнинг рекорд даражадаги мудофаа бюджетини имзолади. Унда Украина учун 800 млн долларлик ёрдам кўзда тутилган.
Аввалроқ ушбу ҳужжат АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси ва Сенати томонидан маъқулланган эди.
"АҚШ Миллий мудофааси тўғрисидаги қонун Уруш вазирлигига менинг “Куч орқали тинчлик” сиёсатимни амалга ошириш, мамлакатни ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳамда мудофаа-саноат базасини мустаҳкамлаш имконини беради. Шу билан бирга, ҳарбий хизматчиларимизнинг жанговар руҳини сусайтирадиган исрофгарчилик ва радикал дастурларни молиялаштиришни тўхтатади", — дейилади АҚШ президентининг баёнотида.
2026 молиявий йилида Қўшма Штатларнинг ҳарбий харажатлари рекорд даражага — 901 млрд долларга етади. Қонунда, шунингдек, Украина Қуролли кучлари учун қурол-яроғ сотиб олишга 800 млн доллар ажратиш кўзда тутилган бўлиб, бу маблағлар америкалик компаниялар орқали, кейинги икки йил давомида ҳар йили 400 млн доллардан ажратилади.
Бундан ташқари, Эстония, Латвия ва Литва мудофаасига 175 млн доллар ажратилади. Қонун, шунингдек, Пентагоннинг Европадаги америкалик ҳарбийлар сонини 76 минг кишидан пастга тушириш имкониятини чеклайди.