АҚШ Ҳиндистонга божларни камайтириш имкониятини кўриб чиқмаяпти.
Бу ҳақда Вашингтон маъмурияти раҳбари Дональд Трамп маълум қилди.
"Йўқ, биз Ҳиндистон билан яхши муносабатдамиз, лекин кўп йиллар давомида бу бир томонлама муносабатлар эди", деди у Оқ уйда журналистнинг бу борадаги саволига жавоб берар экан.
Трампнинг сўзларига кўра, айрим ҳудудларда Америка маҳсулотларига Ҳиндистон божлари 200 фоизга етган. "Мен бир мисол келтираман. Harley Davidson Ҳиндистонда савдо қила олмади, чунки мотоциклларга бож 200 фоиз эди. Шу сабаб Harley Davidson Ҳиндистонда мотоцикл заводи қурди ва ҳозир бож тўламайди", - деди Америка раҳбари.
Аввалроқ Ҳиндистон савдо ва саноат вазири Пиюш Гоял мамлакат расмийлари АҚШ билан икки томонлама савдо келишуви бўйича музокараларни ноябрь ойига қадар якунлашни кутаётганини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистон ва АҚШ февраль ойида бош вазир Нарендра Модининг Вашингтонга ташрифи ортидан кенг қамровли савдо келишуви бўйича музокараларни бошлаган эди. Икки давлат ўзаро савдо ҳажмини 2030 йилга бориб 500 миллиард долларга етказишни мақсад қилган. Аммо АҚШ делегациясининг 25 августга белгиланган олтинчи музокаралар учун Ҳиндистонга ташрифи бекор қилинган.