Президент Доналд Трамп чоршанба куни АҚШ маъмурияти Германиядаги қўшинлар сонини камайтириш масаласини ўрганаётганини ва бу борадаги қарор яқин орада қабул қилинишини билдирди.
Трамп ўзининг Truth Social тармоғидаги саҳифасида Германия ва бошқа NATO иттифоқчиларини Ҳўрмуз бўғозини очишда ёрдам бериш учун ўз ҳарбий-денгиз кучларини юбормаганини танқид қилди.
Аввалроқ Оқ уйнинг юқори лавозимли мулозими Reuters агентлигига Трамп АҚШ қўшинларининг бир қисмини Европадан олиб чиқиб кетиш имкониятини муҳокама қилганини хабар қилган эди.
DMDC'нинг (Мудофаа вазирлигининг кадрлар ресурслари маркази) маълум қилишича, 2025 йил декабр ҳолатига кўра, АҚШнинг Европадаги доимий базаларида 68 000 дан ортиқ ҳарбий хизматчи бўлган ва уларнинг ярмидан кўпи, яъни 36 400 киши айнан Германияда жойлаштирилган.
Германиянинг ҳарбий раҳбарияти эса Вашингтонда Берлиннинг альянсда етакчи ролни эгаллашга интилиши ва молиявий мажбуриятлари АҚШ расмийлари томонидан юқори баҳоланганини билдирди, бироқ қўшинларни қисқартириш бўйича музокаралар ҳақида маълумот бермади.