Бугун 16 ноябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

"Трактор" Ўзбекистон терма жамоаси футболчисини ўз сафига қўшиб олмоқчи

"Трактор" Ўзбекистон терма жамоаси футболчисини ўз сафига қўшиб олмоқчи

Эроннинг "Трактор" клуби таркибдаги йўқотишлар сабаб трансфер бозорида фаоллашиши мумкин. Табризликлар эътиборини "Персеполис" сафида ҳаракат қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиси Остон Ўруновга қаратган.

Маълумотларга кўра, жамоа бош мураббийи Жавод Некунам ярим ҳимоя чизиғини кучайтириш учун бир нечта номзодни кўриб чиқмоқда. Улар орасида Ўруновдан ташқари "Персеполис"нинг яна бир футболчиси Амирҳусайн Маҳмудий ҳам бор.

"Трактор"нинг янги ярим ҳимоячи излашига Меҳди Торабининг жиддий жароҳати ҳам таъсир кўрсатган. Футболчининг қачон сафга қайтиши ҳозирча аниқ эмас.

Бироқ табризликлар учун ҳар икки трансферни амалга ошириш осон бўлмаслиги мумкин. "Персеполис" ўз футболчиларини арзон нархга қўйиб юбориш ниятида эмас. Қолаверса, Маҳмудийга "Гул Гуҳар" клуби ҳам қизиқиш билдирмоқда.

Некунам аввалги чиқишларидан бирида Ўруновни жамоасига таклиф этиш имконияти ҳақида фикр билдирган эди. Шунга қарамай, мутахассис ўзбекистонлик футболчининг амалдаги шартномаси борлиги ва уни сотиб олиш юзасидан ҳали расмий таклиф юборилмаганини таъкидлаган.

Киритилди: 14:17 14.11.2026. Ўқилди: 916 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар