Ижтимоий тармоқларда Миробод туманидаги 31-мактаб ўқувчилари “Андижон музқаймоғи”дан заҳарлангани ҳақида хабар тарқалди. Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, мазкур хабар асоссиз ва Миробод туманидаги 31-сонли умумтаълим мактаби ҳудудида “Андижон музқаймоғи” сотувига йўл қўйилмаган.
Хабарда келтирилган 2025 йил 16-18 апрель саналарида Миробод туманидаги 31-мактаб ўқувчиларидан ҳеч ким Тошкент шаҳар касалхоналарига, таълим муассасаси тиббиёт пунктига озиқ-овқатлар, жумладан, “Андижон музқаймоғи”дан заҳарлангани юзасидан шикоят қилмаган.
Санепидқўмитанинг Тошкент шаҳар бошқармаси “Андижон музқаймоғи” истеъмол қилаётган кишиларни огоҳлантирди. Маълум қилинишича, ушбу ном билан сотилаётган кўчадаги музқаймоқлар қачон, қаерда ва қай шароитда тайёрлангани ҳақида ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас. Бундан ташқари, қадоқларда маҳсулотни қандай шароитда ва қанча муддатгача сақлаш мумкинлиги ҳам ёзилмаган. Шундай экан, ушбу маҳсулотни истеъмол қилиш ҳаёт учун хавфли ҳисобланади.
Мутахассислар саломатликни сақлаш учун қадоқланмаган, текширувдан ўтмаган маҳсулотлар истеъмол қилмасликка чақирди.