Жорий йилнинг 28 июнь санасида бошлаб “Қурувчилар (12-бекат) бекатидан Янгиобод (6-бекат)игача метро поездлар ҳаракати тўхтатилади. Бу ҳақда “Тошкент метрополитени” ДУК хабар берди.
Қайд этилишича, янги қурилган метро йўналишларида метро поездлар ҳаракати ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида ер усти эстакадалари ва бекатлари маълум муддат фойдалангандан сўнг режали профилактик ишларни амалга ошириш лозим.
Шу муносабат билан ер усти ҳалқа йўли йўналишининг “Технопарк – Қипчоқ” бекатлари оралиғида босқичма-босқич 3 ой муддатга мўлжалланган режали профилактик ишлари амалга оширилмоқда. Режали профилактик ишларни кейинги навбатини амалга ошириш учун жорий йил 28 июнь санасида бошлаб, “Қурувчилар (12-бекат) – Янгиобод (6-бекат)” бекатлари оралиғида метро поездлар ҳаракати тўхтатилади.
“Қипчоқ-Янгиобод-Қипчоқ” метро бекатлари оралиғида бепул хизмат кўрсатувчи катта сиғимли автобуслар (метробус) ҳаракати йўлга қўйилади. Ушбу автобусларнинг кунлик иш вақти тонги 05:00 дан тунги 23:00 га қадар амалга оширилади.