Фарғона вилояти ИИБнинг маълум қилишича, Фарғона вилоятида яшовчи, 1989 йилда туғилган аёл алдов йўли билан Туркиянинг Измир шаҳрига юқори даромадли иш ваъда қилинган ҳолда юборилиши режалаштирилган. Уни Туркияда яшовчи, Хоразм вилояти Шовот туманида туғилган шахс ижтимоий тармоқлар орқали алоқага чиқиб, ишонтирган ҳамда электрон авиабилет юборган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу шахс жабрланувчини шаҳвоний мақсадларда эксплуатация қилишни кўзлаган.
Тошкент–Истанбул–Измир йўналиши бўйича парвоз қилиши режалаштирилган аёл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аэропортда тўхтатиб қолинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.