Бугун, 12 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида Spark ва ЙПХ машинаси ўртасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда пойтахт Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, соат 00:45 ларда Чилонзор тумани Бунёдкор кўчасида ҳайдочилик гувоҳномасига эга бўлмаган, 2008 йилда туғилган фуқаро давлат рақам белгиларисиз Spark автомашинасини бошқариб келаётган бўлган. У ҳаракат давомида ўз йўналишини Чўпон ота кўчасига ўзгартириб, 3-қатордан 1-қаторга кескин бурилган ва ҳаракатни ўнгга бурганда, ўз йўналишида 1-қаторда ҳаракатланиб келаётган ЙПХ ходими бошқарувида бўлган Lacetti русумли хизмат автомашинаси билан тўқнашиб кетган.
Айтилишича, ЙТҲ оқибатида автомашина ҳайдовчиларига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Оғир тан жароҳат олганлар йўқ.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.