Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Тошкентда "қоровул" автотураргоҳда турган машинани сотиб юборди

Тошкентда "қоровул" автотураргоҳда турган машинани сотиб юборди

28 ёш! Айни куч-қувватга тўлган, илм олиб ўз устида ишлаш, хунар ўрганиш каби жамиятга фойдаси тегадиган ишлар билан ўз келажаги пойдеворини мустаҳкамлайдиган палла. Минг афсуски, енгил ҳаётга ўрганган, тер тўкмай даромад топиш илинжидагилар ҳам йўқ эмас. Халқимиз томонидан “Саёқ юрсанг, таёқ ейсан”, деган мақол бежизга айтилмаган. Оиласидан ажрашишгада улгурган, вақтинча ишсиз “қаҳрамон”имиз ана шундайлар тоифасидан...

Судланувчи уйлар олдида жойлашган автомашиналар тураргоҳида траспорт воситаси қаровсиз қолдирилганидан фойдаланади. Аниқроғи, унинг олд ва орқа томондаги давлат рақам белгиларини шикаст етказган ҳолда ечиб олиб, тураргоҳ ёнида бўлган ариққа ташлаб юборади.

Автотураргоҳда ўзимга тегишли бўлган, 2010 йилда ишлаб чиқарилган транспорт воситасини қолдиргандим. Ушбу автомашинадан бир ярим йилдан буён фойдаланмаганман. Воқеа содир бўлган кундан бир кун олдин эрталаб автотураргоҳнинг олдидан ўтаётганимда автомашина жойида турганлигини кўргандим. Эртасига автомашина йўқ-да. Автотураргоҳ қоровулхонасига бориб сўраганимда “бу ерга яқинда келдим, 20 дақиқаларда аниқлаб айтаман”, деганича хабар бўлмади. Сўнг «102» рақамига қўнғироқ қилдим, - дейди ҳозирда автомашинаси ўзига қайтарилган жабрланувчи.

“Автомашинани олиб қочгандир-да?” деб ўйларсиз. Энг ҳайратланарлиси шундаки, судланувчи икки харидор топиб, уларга “траспорт воситасининг эгаси вафот этгани боис яроқсиз ҳолатга келган”, деган ёлғон билан 560 АҚШ доллари эвазига сотиб юборган.

Судда судланувчи сўроқ қилинганида ўз айбига тўлиқ иқрор эканини билдирди.

Ўша куни оилавий жанжал сабаб уйдан чиқиб кетдим. Бир дўстимдан вақтинча яшаб туриш учун жой сўрадим. У ўзининг танишига тегишли бўлган автомашиналар тураргоҳининг қоровулхонасидан жой топиб берди. Қоровулхонага жойлашдим. Автотурагоҳда турган автомашинанинг эгасини суриштирганимда эгаси кимлигини ҳеч ким билмаслигини аниқладим. Шунда бу автомашинани сотиш мақсадида харидор изладим. Эълон бўйича бир харидор қўнғироқ қилди. Унга “эски автомашина бор, эгаси вафот этган, жарима майдонидан ўн миллион сўм қарзи бор”, дея автомашинани сотиб олишни таклиф қилдим. Эртаси куни харидор менга нотаниш шахс билан бирга автотураргоҳга келишди. Уларга автомашинани кўрсатдим, ҳужжатларини сўрашди. Эгаси вафот этгани сабабли ҳужжатлари йўқлиги, шу автотураргоҳда қоровул бўлиб ишлашимни айтдим. Харидорлар 560 АҚШ долларига сотиб олишди ва эвакуаторга автомашинани юклаб олиб кетишди. Орадан бир-неча кун ўтиб, қоровулхонада бўлган вақтимда бир рус миллатига мансуб шахс келиб, автомашинанинг эгаси эканини айтиб, автомашина қаерда эканлигини суриштира бошлади. “Яқинда иш бошладим”, дея қоровулхонадан чиқиб кетдим, - дейди автомашина сотувидан топган пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатган судланувчи.

Жиноятга жазо муқаррар. Суднинг ҳукми билан судланувчи Жиноят кодексининг 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) 2-қисмининг «г» банди ва 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди ва 4 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Судланувчидан манфаатдор тарафларга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди. Иш бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган давлат рақами қонуний эгасига қайтарилиши белгиланди.

Аброр Саидов,
жиноят ишлари бўйича
Олмазор туман суди раиси

Киритилди: 14:14 14.03.2023. Ўқилди: 2648 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!