Уйига ижтимоий ҳимоя ходими томонидан қамаб қўйилгани айтилган 86 ёшли онахон видеоси юзасидан Бош прокуратура маълумот берди.
Баёнотга кўра, ҳолат бўйича фирибгарлик моддаси билан жиноят иши очилган.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда туман ҳудудида яшовчи ёлғиз кекса аёлнинг қаровсиз қолдирилгани ҳақида видео тарқалган. Ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилган.
Аниқланишича, 1940 йилда туғилган фуқаро Л.Ж. тумандаги хонадонда ёлғиз истиқомат қилиб келган ҳамда соғлиғи билан боғлиқ қатор касалликлари сабабли диспансер ҳисобида турган. Шу билан бирга, унга тегишли бўлган хонадон 2025 йилнинг 25 сентябрь куни нотариал тартибда расмийлаштирилган олди-сотди шартномаси асосида бошқа шахс номига ўтказиб юборилгани маълум бўлган.
Ҳозирда ушбу битим тузилаётган пайтда онахон ўз ҳаракатларининг моҳиятини англаган-англамагани ҳамда фирибгарлик қурбони бўлган-бўлмагани ўрганилмоқда.
Аввалроқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги воқеа назоратга олиниб, кекса аёлнинг ҳолати ва эҳтиёжлари ўрганилаётганини билдирган эди.