Тошкент шаҳрининг Мирзо-Улуғбек туманида яширин нарколаборатория фаолиятига чек қўйилди, деб хабар бермоқда ИИВ матбуот хизмати.
Аниқланишича, Тошкентда талабалар бўлмиш, 18 ёшли қиз ва 20 ёшли йигит ижарага олинган хонадонда нарколаборатория ташкил этган. Улар ўтган йил сентябр ойидан бошлаб прекурсорларни қабул қилиб, Telegram орқали фаолият юритувчи наркодўкон кураторлари топшириғига биноан синтетик гиёҳванд моддалар тайёрлаб келган.
Шундан сўнг, мутахассислар томонидан воқеа жойидан 1 кг мефедрон ва тегишли ускуналар ва асбоб-анжомлар аниқланган.
Кейинчалик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан гиёҳванд моддаларни олаётган вақтида 9 нафар шахс, ҳамда «закладчик» сифатида фаолият юритган яна 6 нафар фуқаро қўлга олинган.
Шунингдек, улар орасида бу иш билан бутун оила бўлиб шуғулланган фуқаролар ҳам бор. Натижада, мутахассислар томонидан 2 кг синтетик моддалари, яни тахминан 10 минг бир марталик дозага тенг гиёҳвандлик воситаси тарқалишининг олди олинган.
Ҳолат юзасидан, Жиноят кодексининг 273-моддаси 3-қисми «б» банди (гиёҳванд моддалар, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни сотиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.