Сентябрь ойининг дастлабки кунлари пойтахтимиз спорт ареналарида футбол ва футзал мухлислари учун махсус спорт тадбирлари ташкил этилади.
2 сентябрь куни соат 18:00 да “Ҳумо Арена”да футзал бўйича Ўзбекистон Суперкубоги-2026 учрашуви бўлиб ўтади. Унда мамлакатнинг амалдаги чемпиони BMB PFC ва Суперлига финалчиси SQB PFC жамоалари баҳс олиб боради.
Суперкубок учрашуви доирасида жаҳон ва ўзбек футболи афсоналари иштирокида махсус дастур ҳам ташкил этилади.
3 сентябрь куни соат 18:00 да эса “Бунёдкор” стадионида Жаҳон футболи афсоналари — Ўзбек футболи афсоналари ўртоқлик учрашуви ўтказилади.
Жаҳон футболи афсоналари таркибида яқин ўтмишнинг машҳур юлдузлари — Хулио Сезар, Марко Матерацци, Жером Боатенг, Мичел Сальгадо, Кристиан Заккардо, Эстебан Камбьяссо, Рикардо Куарежма, Уэсли Снейдер, Оскар, Кевин Кураньи ва Винченцо Яквинта майдонга тушиши кутилмоқда.
Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, Тошкентдаги футбол байрамида яна бир жаҳон чемпиони ва “Олтин тўп” соҳиби иштирок этиши ҳам кутилмоқда. Унинг номи тадбирга яқин кунларда маълум қилиниши режалаштирилган.
Чипталар тез кунларда “Ҳумо Арена” ҳамда "Бунёдкор" стадиони кассаларида тарқатилиши маълум қилинган.
Тадбирлар Ўзбекистон футзал федерацияси ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ташкил этилмоқда.