Жиноят ишлари бўйича Чиноз туман судининг 2025 йил 17 мартдаги ҳукмига кўра Ш. Раҳимов (1979 йилда Тошкент вилоятида туғилган, YouTube видеохостингидаги “HAQIQAT OVOZI” каналида “Шуҳрат Шон” тахаллусида блогерлик фаолияти билан шуғулланган) Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “г” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 1-қисми ва 236-моддаси (тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Шу билан бирга Ш. Раҳимов зиммасига қўшимча:
- кўнгил очар жойларга бормаслик;
- оммавий тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик;
- муқаддам судланган шахслар билан алоқа ўрнатмаслик;
- алоқа воситаларидан, шу жумладан Интернетдан фойдаланмаслик;
- алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик;
- назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ҳамда Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ҳудудидан ташқарига чиқмаслик каби қўшимча тақиқлар (чеклашлар) юклатилган.
Суд ҳукми билан Ш. Раҳимовга Жиноят кодексининг 48-1-моддасига (озодликни чеклаш) мувофиқ жазони ўташ даврида ўзининг жиноий қилмишларини англаб етган, тузалиш йўлига қатъий ўтган бўлса, суд унга нисбатан илгари тайинланган тақиқларни (чеклашларни) тўлиқ ёки қисман бекор қилиши мумкинлиги белгиланган. Шунинг баробарида унга озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек суд томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, суд озодликни чеклаш жазосининг ўталмай қолган муддатини бошқа турдаги жазо билан алмаштириши мумкинлиги тушунтирилган.
Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 5 сентябрдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Чиноз туман судининг 2025 йил 17 мартдаги ҳукми ўзгартирилди.
Ш. Раҳимов Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “г” банди билан айбсиз деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисмига асосан реабилитация қилинди (оқланди).
Ш. Раҳимовга Жиноят кодексининг 140-моддаси 1-қисми ва 236-моддаси 1-қисми билан тайинланган жазолар ўзгаришсиз қолдирилиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси 2-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазони оғирроғи билан қоплаш йўли билан узил-кесил жазо сифатида - ишлаш вақтидан, шунингдек иш жойигача бориши ва уй-жойига қайтиб келиши учун зарур бўлган вақтдан ташқари қолган вақтда уй-жойидан чиқишни чеклашдан иборат 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Суд судланувчининг жиноят содир этишдаги айби жабрланувчининг кўрсатмасидан ташқари, жиноят иши бўйича тўпланган далиллар, яъни жабрланувчининг аризаси, тушунтириш хати, жабрланувчи ва гувоҳларнинг дастлабки ва суд тергови давомида берган кўрсатмалари, видеоёзувларни кўздан кечириш баённомаси, юзлаштириш баённомалари, экспертиза хулосалари ҳамда жиноят иши бўйича барча тўпланган, текширилган, ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланган далиллар билан тўлиқ исботланган деб ҳисоблади.
Келгусида судланган Ш. Раҳимов ўзига нисбатан чиқарилган суд қарорлари устидан қонунчиликда белгиланган тартибда Тошкент вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят бериши мумкинлиги маълум қилинади.