Бугун 23 май, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Тошкентда 172 минг қутидан зиёд тамаки маҳсулотлари йўқ қилинди

Тошкентда 172 минг қутидан зиёд тамаки маҳсулотлари йўқ қилинди

Божхона қўмитаси томонидан ўтган давр мобайнида ноқонуний муомаладан олинган тамаки маҳсулотларини кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирокида ошкора йўқ қилиш амалиёти йўлга қўйилди.

Мазкур амалиёт кенг жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланиб, бу каби тадбирларни мунтазам давом эттириш мақсадга мувофиқ эканлигини кўрсатмоқда. Шу боисдан Божхона қўмитаси томонидан пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманидаги заводлардан бирида тамаки маҳсулотларини йўқ қилишга қаратилган навбатдаги тадбир бўлиб ўтди.

Унда божхона органлари томонидан фош қилинган бир нечта ҳолатларда қонунбузарлардан олиб қўйилган ва суд ҳукмларига биноан йўқ қилиши белгиланган 172 392 қути тамаки маҳсулотлари махсус печларда ёқиб юборилди.

Йўқ қилинган тамаки маҳсулотларидан 154 320 қутиси ўтган йилнинг август ойида Тошкент шахар божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан аниқланган ҳолатда ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олиб қўйилган эди.

Шунингдек, ўтган йилнинг 24 августида ўтказилган мазкур тезкор тадбирда аниқланишича, 2 нафар фуқаро муқаддам Ўзбекистон Республикаси худудига ноқонуний равишда олиб ўтилган, умумий қиймати 2 млрд сўмлик, 32 номдаги 154 320 қутидан иборат, хорижда ишлаб чиқарилган тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда сотиш мақсадида яшаш хонадонида сақлаб келган.

Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг 2024 йил 23 февралдаги хукми билан ушбу шахслар Жиноят кодексининг 1861-моддаси 3-қисми “а” бандида (тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, уларга 4 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Тадбир доирасида журналистлар ва блогерлар учун матбуот анжумани ҳам ташкил қилинди. Унда Божхона қўмитаси, Мажбурий ижро бюроси, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, санитария-эпидиемологик осойишталик, соғлиқни сақлаш идораларидан вакиллар иштирок этди.

Оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоб берар экан Божхона қўмитаси Раиси ўринбосари Отабек Чориев йўқ қилинаётган тамаки маҳсулотлари қуйидагиларга кўра контрафакт ва сифатсиз ҳисобланишини таъкидлади.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ҳамда истеъмол қилиниши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилган бўлиб, тамаки маҳсулотининг қутисида тиббий огоҳлантириш яъни тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги ахборотлар мавжуд эмас.

Иккинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг “Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида” 2020 йил 20 ноябрдаги 737-сон қарорига мувофиқ, республика ҳудудида барча тамаки маҳсулотлари махсус код билан маркировкаланиши шарт этиб белгиланган бўлса-да, ушбу тамаки маҳсулотлари маркировкаланмаган.

Учинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимликларга акциз маркаларини жорий этиш тартиби тўғрисида” 1996 йил 14 августдаги 285-сон қарорига мувофиқ, акциз солиғи йиғимининг тўлиқлиги устидан давлат назоратини ўрнатиш, шунингдек нолегал ишлаб чиқариш ва республика ҳудудига келтиришнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ва унинг ҳудудига четдан келтириладиган тамаки маҳсулотлари мажбурий равишда акциз маркалари билан маркаланиши лозим. Бироқ, ушбу ҳолатда тамаки маҳсулотларида акциз маркалар мавжуд эмас.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, божхона органлари томонидан ҳуқуқни мухофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда ўтган йилда аниқланган 291 та ҳолатда, қиймати 92,2 млрд сўмлик 5,7 млн қути, жорий йилда эса 196 та ҳолатда, қиймати 17,7 млрд сўмлик, салкам 798 минг қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

Киритилди: 14:22 16.05.2024. Ўқилди: 580 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!