Тошкент вилояти “Бекобод авто” чегара божхона постида катта миқдорда гиёҳвандлик воситасини олиб кетаётган шахс қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар қилди.
Қайд этилишича, мазкур пост орқали қўшни давлатдан кириб келган 57 ёшли фуқаро бошқарувидаги Cobalt машинаси божхона кўригидан ўтказилганида, хизмат ити автомашина салонидаги олд йўловчи ўриндиғининг орқа чўнтагида гиёҳвандлик воситаси яширилганига ишора берган.
Натижада ўриндиқ ғилофи чўнтагида дастлабки вазни ўрами билан ҳисоблаганда 2 граммни ташкил қилувчи героин борлиги маълум бўлди.
Шундан сўнг автотранспорт воситаси инспексион кўрик мажмуаси орқали текширилганида, рентген тасвирлари ёнилғи бакида шубҳали жисмлар борлигини кўрсатган. Унинг ичи очиб кўрилганида эса, 30 дона полиэтилен ўрамлар яширилгани фош бўлди.
Мазкур ўрамлардаги модда соф оғирлиги 30 кило 10 граммни ташкил қилувчи опий гиёҳвандлик воситаси экани аниқланди.
Тезкор тадбир давомида ушбу тақиқланган воситаларнинг эгаси — 48 ёшли фуқаро “Жартепа” чегара божхона постидан кириб, Қашқадарё вилояти орқали ҳаракатланиб кетаётган вақтида қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.