Тошкент вилоятида лочинлар оиласига мансуб 8 бош итолғи қуши табиатга қўйиб юборилди.
Тадбирда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, вазирликнинг Тошкент ва Сирдарё вилоятлари бошқармалари, “Экотуризм ва овчиликни ривожлантириш департаменти” ҳамда Зоология институти мутахассислари иштирок этди.
Маълумот учун, мазкур итолғилар Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими томонидан ДХХ Чегара қўшинлари ва Божхона ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган рейд тадбири чоғида аниқланган. Қушлар кейин Сирдарё вилояти Экология бошқармасига топширилган.
Ветеринария мутахассислари ва Зоология институти ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилган қушлар соғлом деб топилгандан сўнг табиий муҳитга қўйиб юборилди.
Итолғи — йўқолиб бораётган қушлар турига киради ва у Ўзбекистон “Қизил китоби” ҳамда CITES конвенциясининг II илова рўйхатига киритилган. Бу тур, айниқса, кўчиб юрувчи қушлар қаторида бўлгани сабабли, уни муҳофаза қилиш бугунги кунда долзарб масала ҳисобланади.