Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида 60 ёшли эркак 6 ёшли қўшнисига уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилди. Болалар омбудсмани ҳолат юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, болалар омбудсманига жамоатчилик фаолларига мурожаат қилган Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида яшовчи фуқаро Й.Н.нинг мурожаати келиб тушди. Унда айтилишича, жорий йилнинг 11 июнь куни қўшниси, 1964 йилда туғилган С.Ш. 2018 йилда туғилган қизига нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этган.
Мазкур ҳолат болалар омбудсмани назоратига олинди. Ўтказилган терговга қадар текширув доирасида болага нисбатан судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланди. 19 июнь куни Нурафшон шаҳар ИИБ Тергов бўлинмаси томонидан С.Ш.га Жиноят кодекси 129-моддаси 2-қисми (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Бугун, 20 июнь куни судга С.Ш.га нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома киритилди. Болалар омбудсмани бола манфаатлари нуқтайи назаридан мазкур жиноят иши бўйича ўз ваколатлари доирасида кузатувни давом эттиради.