16–18 июнь кунлари CAEx мажмуасида бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми (TXИФ-2026) бўлиб ўтади. Мазкур нуфузли тадбир ҳозирнинг ўзида барча рекордларни янгилаб улгурди: унда қатнашиш учун дунёнинг 100 та мамлакатидан 8,3 мингдан ортиқ делегат рўйхатдан ўтган.
Бизнес кўлами мисли кўрилмаган даражада кенг — форумда иштирок этаётган компанияларнинг умумий капитали жаҳон ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 38 фоизига тенгдир. Пойтахтимизга BlackRock, JPMorgan Chase, Visa, Masdar, Airbus, Meta каби кўплаб етакчи гигантлар раҳбарлари ташриф буюрмоқда. Реал сектор вакиллари сафида 2 780 нафардан зиёд бизнес етакчилари қатнашади, бу эса ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан учдан бир баробар кўп деганидир.
Форумнинг юксак сиёсий нуфузини унда 62 та ҳукумат делегацияси иштирок этаётгани ҳам яққол тасдиқлайди. Анжуманнинг очилиш маросимида етти давлат раҳбари ва бош вазирлари нутқ сўзлайди.
Бу йилги TXИФ дастури қарийб икки баробар кенгайиб, ўз ичига 79 та тадбирни қамраб олган бўлиб, улар асосан сунъий интеллект, «яшил» энергетика, логистика ва стратегик хомашё масалаларига бағишланади.
Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон инвестиция салоҳияти кўргазмаси, Хорижий инвесторлар кенгаши йиғилиши ҳамда норасмий мулоқот ва алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида теннис турнири ва тунги марафондан иборат спорт тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.
Мазкур саммит Bloomberg, Reuters, Nikkei, Euronews, BBC News, CGTN, TRT, Xinhua, The Independent каби жаҳоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари диққат марказида турибди. Форум ишини ёритиш учун 41 та давлатдан 209 нафар хорижий журналист ташриф буюрган. Анжуман доирасида минтақа иқтисодий келажагини белгилаб берувчи ўнлаб миллиард долларлик йирик битим ва келишувлар имзоланиши кутилмоқда.