Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида чўмилиш учун дарёга тушган беш нафар йигитнинг уч нафари ҳалок бўлди. Маълум қилинишича, туманнинг “Намуна” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Сурхондарёга мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи 2008 йилда туғилган олти нафар йигит чўмилиш мақсадида борган. Йигитлардан бири сувга тушмаган. Қолган беш нафар йигит эса чўмилиш мақсадида дарёга тушган. Бироқ оқим кучли бўлгани сабаб уларнинг уч нафарини дарё оқизиб кетган. Икки нафари эса атрофда бўлган фуқаролар ёрдами билан қутқариб қолинган.
Ўша куннинг ўзида махсус қутқарув хизмати ғаввослари томонидан улардан бирининг жасади сувдан чиқариб олинган. 9 июнь куни иккинчи йигитнинг жасади топилган. Яна бир нафар йигитнинг жасадини қидириш ишлари давом этмоқда.