BBC, «Медиазона» ва кўнгиллилар томонидан олиб борилган ҳисоб-китобларга кўра, Украинадаги уруш бошланганидан бери ҳалок бўлган 226 055 нафар россиялик ҳарбийнинг шахси тасдиқланган. Улар орасида 200 нафардан ортиқ 18 ёшли йигитлар ҳам бор.
Шулардан бири — Алишер Свирин. У Украинадаги жангларда ҳалок бўлган 2008 йилда туғилган биринчи россиялик ҳарбий сифатида қайд этилди.
2022 йил 21 февралда, Россия президенти Владимир Путин Украина ҳақидаги машҳур мурожаати билан чиққан куни Алишер 14 ёшга тўлган эди. Москва вилоятининг Коломна шаҳрида вояга етган ўсмирнинг болалиги бошқа тенгдошлариникидан деярли фарқ қилмаган.
Бироқ орадан тўрт йил ўтиб, 2026 йилда олинган суратларда у ҳарбий либосда, қўлида Калашников автомати билан тасвирланган. Кейинчалик айнан шу сурат унинг дафн маросимида кўтариб юрилган.
Маълумотларга кўра, Алишер шартнома асосида хизмат қилган ва 2026 йил 1 май куни Украинадаги урушда ҳалок бўлган. 28 май куни у Москва вилоятидаги Павловский Посад шаҳрида жойлашган Қаҳрамонлар хиёбонида дафн этилган.
Унинг фронтга қачон юборилгани аниқ эмас. Бироқ ёшини ҳисобга олганда, у ҳарбий хизматни бошлаганига уч ойдан ҳам кам вақт ўтган бўлиши мумкин.
Қисқа некрологда қайд этилишича, Алишер Свирин 123-алоҳида гвардия мотўўқчи бригадасида пулемётчи бўлиб хизмат қилган.
Украинадаги уруш давомида камида 200 нафар 18 ёшли россиялик ҳарбий ҳалок бўлгани тасдиқланган. Алишер Свирин эса бу қурбонлар орасида 2008 йилда туғилган биринчи аскар сифатида тарихга кирди.