Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Учтепа тумани бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қонунга хилоф равишда дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган З.Х. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, хорижда ишлаб чиқарилган тегишли ҳужжатлари бўлмаган 10 қути “Китруда” ва 2 та қути “Тецентрик” номли дори воситасини фуқаро М.Х.га 165,6 млн сўмга сотишга келишиб, пулларни АҚШ долларида ҳисоблаб, 13 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.
Экспертиза хулосасига кўра, ушбу дори воситаларига мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмаганлиги ҳамда сақлаш шароитларига амал қилинмаганлиги сабабли сотиш, ташиш ва тиббиёт амалиётида қўллаш тақиқланиши қайд этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.