Бугун 13 апрель, 2026 йил, душанба

O'ZB

Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги иссиқхоналарга 1 августдан газ етказиб берилмайди

Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги иссиқхоналарга 1 августдан газ етказиб берилмайди

Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш мақсадида 2026 йил 1 июндан бошлаб кўмир, мазут ва атмосферага зарарли ёқилғилардан фойдаланишни назарда тутувчи янги иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказишга рухсат берилмайди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 10 апрелдан кучга кирган қарорида белгиланди.

Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 августдан бошлаб мавжуд иссиқхоналар фаолиятининг иқтисодий самарадорлигини қайта кўриб чиқиш ва уларни халқаро ҳамда экологик талабларга мослаштириш мақсадида қуйидаги чеклов ва оширилган тарифлар жорий этилади:

  • иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилади ва мавжуд шартномалар белгиланган тартибда газ таъминоти ташкилотлари томонидан бекор қилинади;
  • иссиқхоналар томонидан истеъмол қилинадиган сув ресурслари учун тўловлар (солиқ ставкаси) саноат корхоналари учун белгиланган энг юқори тарифларнинг 5 баравари миқдорида ҳисобланади.

2026 йил 1 августдан бошлаб иссиқхоналарда ёқилғи сифатида кўмир, шиналар, битум, мазут, плёнка, синтетик картон, резина, жун толаси ҳамда шунга ўхшаш компонентларни ўз ичига олган материалларни ёқиш натижасида атроф табиий муҳит ифлослантиргани ва чиқиндилар жойлаштиргани учун компенсация тўловлари 20 бараварга оширилган ҳолда қўлланади ва мазкур тадбиркорлик субъектларига берилган экологик экспертиза хулосаси қайта кўриб чиқилади.

Қуйидаги йўналишларда давлат томонидан тақдим этиладиган имтиёз, хизмат ва молиявий қўллаб-қувватлаш чораларидан иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш учун фойдаланишга чекловлар ўрнатилади:

  • “маҳалла еттилиги”нинг коллегиал қарорлари асосида бериладиган барча турдаги ижтимоий ва моддий ёрдам ҳамда фаолият турини йўлга қўйиш мақсадида давлат томонидан бериладиган барча субсидия ва преференсиялар;
  • жисмоний ва юридик шахсларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга кредит линиялари ажратиш, кредит лимитларини белгилаш ва мавжуд кредитлар бўйича лимитларни қайта кўриб чиқиш;
  • экологик талабларга риоя этилмаган ҳолларда давлат экологик экспертиза бўйича ижобий хулоса берилмайди, шунингдек, илгари берилган хулосанинг амал қилиши белгиланган тартибда вақтинча тўхтатилади;

Таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига илмий мақсадлар учун (селекция навлари синови, уруғ ва кўчатларни кўпайтириш, хорижий нав ва дурагайларни маҳаллий иқлимга мослаштириш), истисно тариқасида, экологик талабларга риоя этган ҳолда мавжуд иссиқхоналардан фойдаланишга рухсат этилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ қўмитаси билан биргаликда 2026 йил 1 сентябрга қадар Солиқ кодексига Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларидаги иссиқхоналар эгаллаб турган ер майдонлари учун ер солиғи ва кўчмас мулк учун мол-мул солиғи ставкаларини амалдаги базавий ставкаларга нисбатан 10 баравар (ёки юқори оширилган коэффициентларда) миқдорда қўллашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритади.

Ҳужжатга кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятида жойлашган, атроф-муҳит ва инсонлар соғлиғига салбий таъсир кўрсатаётган иссиқхона хўжаликлари Шерободдаги “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонасига кўчирилади.

Киритилди: Бугун 16:05. Ўқилди: 383 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!