Сўнгги кунларда Яккасарой туманида дарахтларнинг оммавий кесилиши кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев ижтимоий тармоқдаги саҳифасида бу дарахтлар Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари буйруғи билан кесилганлигини, бу билан Президент томонидан дарахтларни кесишга мораторий талаблари кескин бузилганлигини айтиб ўтди. Кеча, 26 октябрь куни кечқурун эса Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий муносабат билдирди. Лекин муносабатда бир қатор ноаниқликлар борга ўхшамоқда.
Биринчидан, ҳокимият 145 тупга яқин дарахт дея маълумот келтирди. Ваҳоланки, воқеа жойини ўрганганимизда 150 дан ортиқ дарахтлар кесилгани маълум бўлди, бу эса ҳокимият бевосита тафсилотлардан бехабар эканлигини билдиради.
Иккинчидан, ҳокимиятнинг расмий муносабатида "мутахассисларнинг хулосасига кўра, уларнинг катта қисми касалликка чалиниб, аста-секин қуриб бораётган эди. Дастлаб уларни эҳтиёткорлик билан кўчириб ўтказиш режалаштирилган бўлса-да, масъул шахслар белгиланган талабларга риоя қилмаган", деган жумла бор. Бу бўйича Экология вазирлигидан маълумот сўраганимизда "дарахтларнинг катта қисми касалликка чалинганлиги бўйича ҳеч қандай мутахассис хулосаси йўқлиги" маълум бўлди. Тошкент шаҳар Экология бошқармаси эса дарахтларни кўчириб ўтқазиш бўйича рухсат берилмаганлигини таъкидлади. Рухсатсиз эса дарахтларни кўчириб ўтқазиш мумкин эмас.
Ҳокимият "Ушбу ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, натижасига кўра тегишли чоралар кўрилади", дея хабар берган муносабатда. Умид қиламизки, ростдан ҳам дарахтларни ҳеч иккиланмай кестирган айбдорларга чора кўрилади. Тошкент шаҳар ҳокимиятидан вазиятга реал қарашни ва экология нисбатан масъулиятли бўлишни сўраб қоламиз.