Тошкент Oriental университетида XII асрнинг буюк озарбайжон шоири ва мутафаккири Хоқоний Ширвоний таваллудининг 900 йиллиги муносабати билан “Хоқоний Ширвоний номидаги Туркология тадқиқотлари аудиторияси”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази ташаббуси ҳамда университет ҳамкорлигида ташкил этилди.
Маросимда маданият арбоблари, шоир ва ёзувчилар, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этди.
Озарбайжон Маданият маркази директори Акиф Марифли ўз нутқида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар изчил ривожланаётганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, янги аудитория талабалар учун озарбайжон тили, адабиёти, тарихи ва маданиятини ўрганишга хизмат қиладиган илмий-маърифий маскан вазифасини бажаради.
Университет биринчи проректори Бахтиёр Арабов эса мазкур ташаббус нафақат университет, балки бутун турк дунёси учун муҳим аҳамиятга эга эканини билдирди.
Аудитория Озарбайжон ва Ўзбекистон дўстлигини акс эттирувчи миллий рамзлар, портретлар, китоблар, миллий чолғулар ва маданий экспонатлар билан безатилган.
Таъкидланишича, мазкур янги таълим ва маданият маскани икки қардош давлат ўртасидаги гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.