Шанба куни «Манчестер Сити» Англия Кубоги финалида «Челси»га қарши майдонга тушади. Ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар Хосеп Гвардиоладан бўлажак «Уэмбли» ташрифи у учун «шаҳарликлар» бош мураббийи сифатидаги охиргиси бўладими-йўқми, деб сўрашди.
«Йўқ, ҳеч қачон, ҳеч қачон! Шартномам бўйича яна бир йилим бор!» – дея испаниялик мутахассиснинг жавобини келтирмоқда The Touchline нашри.
Оммавий ахборот воситаларида Гвардиоланинг жорий мавсум якунида «Манчестер Сити»дан кетиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар бир неча ойдан бери давом этмоқда. Ҳатто унинг ўрнини эгаллаши кутилаётган ўринбосар ҳам маълум — бу «Челси» собиқ устози Энцо Марескадир.
Финал учрашуви Тошкент вақти билан соат 19:00 да старт олади.