Тошкент ва атроф ҳудудлардаги иссиқхоналар табиий газ ва иссиқлик билан таъминланмоқда, 168 та хўжалик билан шартномалар тузилди.
Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, Президентнинг 24 ноябрь куни қабул қилинган ПФ–229-сон фармонига мувофиқ, Тошкент шаҳри ва унга яқин ҳудудларда жойлашган иссиқхона хўжаликларини табиий газ билан таъминлаш бўйича шартномалар тузиш жараёни йўлга қўйилди.
Мазкур топшириқ асосида «Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан хўжаликлар билан уч томонлама шартномалар расмийлаштирилмоқда.
Ҳозиргача Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилган 68 та иссиқхона хўжалиги билан (жами 173,1 гектар майдон) табиий газ етказиб беришга оид шартномалар тузилган ва газ таъминоти бошланган.
Шунингдек, Зангиота туманидаги 34 та ҳамда Қибрай туманидаги 66 та иссиқхона хўжалиги билан иссиқлик энергияси етказиб бериш бўйича келишувлар амалга оширилган. Ҳозирда ушбу иссиқхоналарга белгиланган тартибда иссиқлик энергияси етказилмоқда.
Табиий газ тармоғига уланган барча иссиқхона объектлари «зангори ёқилғи» билан узлуксиз ва меъёр доирасида таъминланаётгани билдирилди.