Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

"Тожикистондаги кескин вазиятдан хавотирдамиз" - БМТ Бош котиби

"Тожикистондаги кескин вазиятдан хавотирдамиз" - БМТ Бош котиби

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида кескинлик ва зўравонлик кучайиши, жумладан, ўлим ҳақидаги хабарлардан хавотирда. Бу ҳақда Бош котибнинг расмий вакили Стефан Дюжаррик маълум қилди.

“Бош котиб Тоғли Бадахшон автоном вилоятида кескинлик ва зўравонликлар кучайгани, жумладан қурбонлар сони ҳақидаги хабарлардан хавотирда. У вазминликка ва мавжуд вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга чақиради. БМТ вазиятни диққат билан кузатишда давом этмоқда”, дейди Дюжаррик.

Дунё исмоилийларининг имоми, шаҳзода Карим Оғахон IV, ўз навбатида, Бадахшондаги издошларини “можароларни мулоқот орқали, ҳурмат ва ўзаро тушуниш руҳида ҳал қилишга” чақирган.

“Мен имом сифатида тожикистонликларимни хотиржамликка, мамлакат қонунларига риоя қилиш, ҳар қандай зўравонлик, тартибсизлик, ноқонуний хатти-ҳаракатлар ёки фуқароларнинг фаровонлигига хавф туғдирадиган бошқа ҳаракатлардан воз кечиш, жамиятимиз анъаналарини доимо асраб-авайлаш, барча ватандошлар билан тинч-тотув яшаш, ўз мамлакатлари ривожига фаол ҳисса қўшишга чақираман”, дейди Оға Хон.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг март ойи ўрталарида Тоғли Бадахшон маъмурий маркази Хоруғ шаҳри аҳолиси вилоят раҳбари Алишер Мирзонаботнинг истеъфога чиқишини талаб қилганидан сўнг, минтақадаги вазият кескинлашган. Вилоят раҳбари истеъфога чиқмаган тақдирда, бадахшонликлар норозилик намойишларини бошлашга ваъда беришди. Расмийлар талабларни ноқонуний деб эълон қилди ва намойишларда иштирок этиш террорчилик ҳаракати сифатида баҳоланишини айтган.

16 май куни намойишчилар Хоруғ марказидаги вилоят ҳокимлигига борди, бироқ хавфсизлик кучлари уларнинг йўлини тўсиб қўйганди. Улар намойишчиларга қарши резина ўқ ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Ижтимоий тармоқларда ҳарбий қуроллар ҳам қўлланилгани, оқибатда бир киши ҳалок бўлгани, бир неча киши яралангани ҳақида хабарлар тарқалганди.

18 май куни Тоғли Бадахшоннинг Рушон туманида 200 га яқин одам Душанбе-Хоруғ автомобиль йўлини тўсиб қўйган, “аксилтеррор операцияси” бошланган.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, операция давомида куч тузилмаларидан бирининг ходими ҳалок бўлган, 13 нафар ҳарбий хизматчи оғир яраланган. Шунингдек, 8 киши ҳалок бўлган, 11 киши яраланган ва 114 нафар “террорчи гуруҳлар аъзоси” қўлга олинган. Уюшган жиноий гуруҳдан кўп миқдорда қурол-яроғ ва ўқ-дорилар, молотов коктейллари мусодара қилинган.

Киритилди: 23:13 20.05.2022. Ўқилди: 9118 марта. Фикрлар сони: 5 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!