Бугун 25 декабрь, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Тожик–афғон чегарасида қуролли тўқнашув: қурбонлар бор

Тожик–афғон чегарасида қуролли тўқнашув: қурбонлар бор

Тожикистон ва Афғонистон чегарасида юз берган тўқнашув оқибатида икки нафар тожик чегарачиси ҳамда Афғонистон томондан бир неча нафар қуролланган шахс ҳалок бўлди.

Маълумотларга кўра, тўқнашув тожик чегарачилари билан қуролланган наркотик савдогарлар гуруҳи ўртасида содир бўлган.

«Озоди» радиосининг хабар беришича, ҳодиса 24 декабрь куни Шамсиддин Шоҳин туманига қарашли Баҳорак ҳудудида рўй берган. Тўқнашувда «Саричашма» ҳарбий қисми хизматчилари – 28 ёшли Исматулло Қурбонов ва 33 ёшли Зиребон Наврўзбеков ҳалок бўлган.

Хабарда айтилишича, наркосавдогарлардан бир неча нафари ўлдирилган, бири қўлга олинган, яна тўрт нафари эса қочиб кетган.

Афғонистоннинг «Ҳашти субҳ» нашри ҳам мазкур тўқнашув ҳақида хабар бериб, Тожикистон чегарачилари томонидан очилган ўққа жавобан Афғонистон ҳудудидан ўқ узган икки нафар қуролли шахс йўқ қилинганини маълум қилган.

Нашр маълумотларига кўра, отишма Афғонистоннинг Бадахшон вилоятидаги Шаҳри Бузург тумани билан Тахор вилоятидаги Чоҳи Об тумани ўртасидаги чегара ҳудудида содир бўлган.

Айни пайтга қадар Тожикистон ва Афғонистон расмийлари мазкур ҳодиса юзасидан расмий баёнот бермади.

Киритилди: Бугун 13:29. Ўқилди: 542 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!