Бугун жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман судида Б. С.га (1987 йилда Наманган вилоятида туғилган, муқаддам судланиб, хавфли рецидивист деб топилган) оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.
Ушбу жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.
Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ Б. С. вояга етмаган И. К. (қиз бола, 2018 йилда туғилган)га нисбатан Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми, 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисми ва 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 34-моддаси (рецидив жиноят) 3-қисми “а” бандига асосан Б. С. ўта хавфли рецидивист деб топилди.
Б. С. тайинланган жазо муддатининг дастлабки 3 йилини турмада, жазонинг қолган муддатини махсус тартибли колонияларда ўташи белгиланди.
Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Наманган вилоят судининг апелляция/кассация инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.