Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров коррупция можаросига оид жанжал фонида бир ойдан ортиқ муддат хориж сафарларида бўлганидан кейин Украинага қайтди ва Владимир Зеленскийга АҚШдаги музокаралар якунлари бўйича ҳисобот тақдим этди.
"Рустем Умеров ва Андрей Гнатовнинг (Украина Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи — таҳр.) Америка жамоаси билан ўтказилган учрашувлар натижалари бўйича ҳисоботи тақдим этилди. Ҳозирда бир нечта ҳужжатларнинг тайёрланган қораламалари мавжуд", — дейилади Зеленскийнинг Telegram-каналида.
Маълумотларга кўра, Умеров ноябрь ойи ўртасида коррупция можароси билан боғлиқ миш-мишлар кучайган пайтда аввал Туркияга, кейин Қатарга расмий ташриф билан йўл олган. У 20 ноябрь куни Украинага қайтган, бироқ орадан икки кун ўтиб, музокара гуруҳи таркибида яна хорижга чиққан. Хусусан, у АҚШнинг Флорида штатига борган, кейин Брюсселда Европа расмийлари билан учрашувлар ўтказган. Ўтган дам олиш кунлари эса АҚШдаги музокараларда иштирок этган.
Аввалроқ Украина ОАВлари Украина энергетика соҳасидаги йирик жиноий схеманинг фош этилиши фонида юқори мартабали амалдорларнинг мудофаа соҳасидаги, хусусан, давлат харидларидаги коррупцияга алоқадорлиги ҳақидаги материаллар пайдо бўлиши мумкинлигини таъкидлаган эди. Тергов муносабати билан Рустем Умеровнинг номи тилга олинган. Ихтисослаштирилган аксилкоррупсия прокуратураси Миндич мудофаа соҳасига айнан илгари ҳарбий идора раҳбари бўлган Умеровга "таъсир ўтказиш" орқали аралашганини ва уни Украина Қуролли кучлари учун 5,2 миллион долларга сифатсиз зирҳли нимчалар сотиб олишга кўндирганини маълум қилди.
Шунингдек, ОАВ маълумотларига кўра, Рустем Умеров АҚШга сафари чоғида Федерал тергов бюроси (ФТБ) раҳбариятидан тадбиркор Тимур Миндичнинг йирик коррупция ишини тергов қилишда Украина Миллий аксилкоррупция бюросига (НАБУ) ёрдам бермасликни сўраган.